Ҳаж ва умранинг фазилатлари
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
Муҳаммад ибн Иброҳим
ат-Тувайжирий
Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший
Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий
Ҳаж ва умранинг фазилатлари
Зулҳижжа ойининг ўн кунлигининг фазилати:
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Оллоҳга суюкли эмас». «Ё Расулуллоҳ, Оллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» — сўрашди саҳобалар. «Ҳа, Оллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан жиҳодга чиқиб, бирор нарсаси билан қайтмаган киши (яъни, моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти) .
Мабрур — мақбул ҳажнинг фазилати:
1. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у деди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Кимки ҳажда хотинлардан гап очмай (яъни, беҳаё гапларни гапирмай ва хотини билан яқинлик қилмай), гуноҳлардан сақланса, онадан қайта туғилгандек покланади» (Муттафақун алайҳ) .
2. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилиб деди: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Амалларнинг қайси бири энг афзал?» — деб сўрашганда, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳу Расулига иймон келтириш», — дедилар. «Сўнгра қайси?» — дейилганда, «Оллоҳ йўлида жиҳод қилиш», — дедилар. «Сўнгра қайси?» — дейилганда, «Мабрур — қабул бўлган ҳаж», — дедилар. (Муттафақун алайҳ) .
Аёллар қиладиган жиҳоднинг энг афзали:
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: «Эй Оллоҳнинг Расули, жиҳодни энг афзал амал деб биламиз, шундай экан, биз жиҳод қилмаймизми?», деди, шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз (аёл)лар учун энг афзал жиҳод — мақбул ҳаждир», дедилар (Имом Бухорий ривояти) .
Умранинг фазилати:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра кейинги умрагача гуноҳларга каффорат. Мақбул ҳажнинг мукофоти эса жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар (Муттафақун алайҳ) .