Фарзанд тарбиясидаги беш иймоний асос
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Биз ҳар бир шахсга муносиб тарбиявий услублар ва василалар танлашда ниҳоятда эътиборли бўлишга муҳтож бўлганимиз каби тўғри, дақиқ, амалий тарбияни илмий ва татбиқий шаклда олиб боришга ҳам муҳтожмиз. Дарҳақиқат, Ислом ўзининг тарбиявий йўлини инсоннинг васфи қандай бўлишига қарамай, барчага муносиб бир суратда жорий қилди. Тарбия асносидаги барча муаммоларни, фарзандларимиз, ҳатто ўзимиздаги касалликларни даволаш учун бу тарбиявий йўлнинг маъноларини, нозик жиҳатлари ҳақида фикр юритишга, ўрганишга муҳтожмиз...
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларга тарбиявий йўл ва тенгсиз оилавий мадрасага асос солдилар, тарбия қоидаларини назарий равишда туздилар, унинг ютуқлари амалий исбот бўлди ва олам ҳануз ундаги мислсиз тарбиявий устунликка гувоҳ бўлиб келмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларини тарбия қилган ва умматининг фарзандларини шу зайлда тарбия қилишга буюрган асосларнинг энг муҳимларини бир нечта умумий асосларга ажратишимиз мумкин:
Биринчи: Эътиқод асоси.
Эътиқод асоси доимо устун, таянч, асос ҳамда барча ҳаёт тарзида етакчи бўлиб гавдаланади, ҳатто ҳаётда юз берадиган мушкулликлар ва турли вазият ўзгаришларида ҳам бош таянч ҳисобланади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътиқодни фарзанд тарбияси йўлининг биринчи омили қилдилар, зеро қалб-эътиқод заифлашиб, унга лоҳаслик етса, унинг ортидан фикр, тасаввур, хулқ қаттиқ таъсирланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларнинг қалбида ёшликлариданоқ эътиқод қарор топиб, улар мустаҳкам йўлда, теран фикрда ўсиб, улғайишлари шарт деб билардилар.
Эътиқодий асос деганимизда, (ҳақиқий эътиқод) фарзандлар қалбида Раббиларига, Унинг исм ва сифатларига, убудиятига ҳамда пайғамбарларга, самовий китобларга, охират кунига, қадарга ва ғайбга иймон келтиришни мумкин қадар ўрнашишини назарда тутаяпмиз. Бу маъно ҳаётнинг ҳамма жиҳатларини ўз қамровига олган ҳамда барча пайғамбарлар Раббиларининг тавҳидига ва Унга иймон келтиришга даъват қилиб келган нарсадир.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларининг ва умматларининг қалбида Оллоҳга иймон келтириш, соғлом иймоний эътиқодни ўрнаштиришга ҳарис бўлдилар, тўғри йўлдан узоқлаштирадиган фикрларни қолдирмадилар. Уловларида кетарканлар, орқаларига ёш бола – Абдуллоҳ бин Аббос разияллоҳу анҳумони мингаштириб олган ва йўл-йўлакай болага соф иймоний, эътиқодий дарсларни таълим бериб кетаётганларини кўрамиз, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дердилар: "Эй бола, мен сенга баъзи калималарни ўргатаман: Оллоҳни ёдда тут, Оллоҳ сени ёдида тутади. Оллоҳни ёдингда тут, У зотни рўпарангда топасан. Агар сўрасанг ёлғиз Оллоҳнинг ўзидан сўра. Мадад сўрасанг ёлғиз Оллоҳнинг ўзидан мадад сўра. Билгинки, агар ер юзидаги ҳамма одам жамланиб сенга бирон фойда етказмоқчи бўлишса, Оллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ фойда етказа олишмайди. Агар уларнинг ҳаммаси жамланиб сенга бирон зарар етказмоқчи бўлишса, Оллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ зарар етказа олишмайди. Тақдир қаламлари кўтарилиб, саҳифалар қуригандир". (Термизий ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом ёш боланинг қалбига Раббиси билан мустаҳкам алоқани, Унга таваккул қилишни, Унинг маъийятини (биргалигини), Уни ёдда тутишни, Оллоҳнинг ҳаққини қоим қиларкан у ким бўлишидан қатъий назар башардан қўрқмаслик кераклини сингдириб келмоқдалар.
Иккинчи асос: Илм.
Бу асоснинг тарбиявий аҳамияти шуки, у фаҳмлашнинг, ҳаёт тарзини қуришнинг буюк калити мисолида гавдаланади. Кишининг олган илми унинг борлиқдаги, мавжудоддаги хоҳишлари ва қаноатларини шакллантиради.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари учун манфаатли бўлган илмни таълим беришга ҳарис бўлдилар ва уларнинг илмга бўлган эҳтиёжлари емоқ, ичмоққа бўлган эҳтиёжларидан кам эмаслигини таъкидладилар. Уларни илмга қизиқтириб дедилар: "Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир". (Абу Довуд ривояти). Уларга фойдаси бўлмаган илмдан Оллоҳдан паноҳ сўрашликни таълим бердилар. Манфаатсиз илм, киши илмни ерда олий бўлиш ёки одамлардан устун бўлиш учун талаб қилишлигидир. Пайғамбар алайҳиссалом умматларига қуйидагича дуо қилишни таълим бердилар: "Оллоҳим, мен Сендан манфаатсиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан паноҳ тилайман". (Муслим ривояти).
Учинчи асос: Оллоҳга холис ибодат қилиш ва гуноҳ, маъсиятлардан йироқ бўлиш.
Натижали тарбия учун ички содиқликни, фарзандлар олдида ички шахсиятни бунёд қила оладиган, мумтоз шахсий сифатларга эга киши бўлиши керак, шунда у ҳаётини беҳуда нарсалардан халос қилишга, ифлосланмаган, кирланмаган покиза, тоза бўлишига олиб боради, Раббиси билан доимо боғланиб, Унинг назари остида эканини ҳис этади, ҳаётини ва фикрини, қўйингки орзулари ва хоҳишларини ҳам тўғрилайди, ўнглайди.
Кунлардан бир кун Муоз бин Жабал разияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида намоз ўқидилар, у зот Муозга юзланиб, қўлларидан ушлаб, "Эй Муоз, Оллоҳга қасамки, сени яхши кўраман. Мен сенга ҳар намоз кетидан "Эй Оллоҳ! Сени зикр этишга, Сенга шукр қилишга ва гўзал ибодатингга мени мушарраф этгин-кўмак бергин", деб айтиб уни тарк қилмаслигингни васият қиламан", дедилар. (Абу Довуд ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом ибодат Оллоҳ таолонинг фазли, Унинг неъмати, мукаррам қилгани ва саховати эканлигини, инсоннинг ижтиҳоди ёки жасадининг тетиклиги эмас, балки Раббоний тавфиқ билан қилиш мумкинлигини таълим бердилар. Ҳамма инсонга мақбул ибодат енгил бўлиши учун Раббисининг тавфиқига муҳтождир. Пайғамбар алайҳиссалом шунингдек ибодат Оллоҳ таолонинг давомий мададига боғлиқ эканлигини таълим бердилар, чунки Оллоҳнинг тавфиқи, кўмаги бўлмаса инсон қилаётган амали билан хушнуд бўлиб, ажабланиши ва натижада (нифоқ, куфр, ширк фитналарига гирифтор бўлиб) ҳалок бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қалбига мўмин банда Раббисига ибодат қилса, Ундангина мадад сўрашини, Унгагина таваккул қилишини, ёлғиз Оллоҳ таоло уни Ўзининг тоатига муваффақ қилиши мумкинлигини мустаҳкам жойладилар.
Тўртинчи асос: Амал ёки татбиқ.
Яъни илмга амал қилиш. Муҳаммадий тарбия — амалий тарбиядир, қуруқ сўзларга чекланмаган тарбиядир, доимий амал ва татбиққа чақирувчи тарбиядир. Зеро беамал илм, беўрнак насиҳат, беижро тасаввурдан наф йўқ. Пайғамбар алайҳиссалом фарзандларининг таълимларини сўздан амалга ёки фозил хулққа кўчишидан ёхуд ҳаёт тарзини энг яхши томонга ўзгаришидан иборат бўлишига ҳарис бўлдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбиявий таълимотларига амал қилиш шараф, ҳақ, вожиб ва ҳаётдир, у мукофотнинг сабаби, одамзот орасида фазилатли бўлишнинг валиласидир, "Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!". Киши амалини пухта қилиши олий иймоний хислатдир, ҳадисда келадики: "Оллоҳ таоло сизлардан бирларингиз бирор амал қилса, уни пухта қилганини яхши кўради". (Табароний ривояти). Исломда олимлар эришган манзилларига илмлари билангина эришмаганлар, балки ўша илмнинг таъсири, асари натижасида улуғ мақомларга эришганлар, зеро олим киши ерда ислоҳ қилиш ишларини амалга оширишга қодирроқ бўлади.
Шунингдек, пайғамбар алайҳиссалом умматларига матлуб амал охиратни обод қилшини ва дунёни ислоҳ қилишини таълим бердилар. Дунёда бузғунчилик қиладиган, уни хароб қиладиган амални эмас, ҳар бир шахснинг ишсизликни, ғайратсизликни, хизматдан қочишни тўхтатадиган роли бўлишини таълим бериб, уларга шундай дедилар: "Сизлардан битталарингиз арқонини олиб, сўнгра тоққа бориши ва бир даста ўтинни орқалаб келиб, уни бозорда сотиши ва Оллоҳ унинг юзини у билан (тиланчиликдан) тўсиши, у учун – сўраса унга ё берадиган, ё бермайдиган – одамлардан сўрашлигидан яхшироқдир". (Бухорий ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар қиёмат қоим бўлаётганда сизлардан бирортангизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, экиб қўйсин", – деганлар. (Аҳмад ривояти).
Бешинчи асос: Аҳлоқ.
Пайғамбаримиз умматларига ҳусни хулқ гуноҳга мойиллик, ҳаддан ошишдан, йўлдан озишдан чеклайдиган кишан, тугун эканини ўргатдилар. Ахлоқсиз кишининг дўсти ҳам, биродари ҳам бўлмайди, унинг атрофидан одамлар қочади, унинг яқин одамлари ҳам уни ёмон кўради...
Инсонда гўзал хулқларнинг бўлмаслиги унга нафсининг ҳукмрон бўлишига ва уни нафс-ҳавоси сари етаклаб хатоларни содир этишига олиб боради. Хулқи ёмон киши таълим олади-ю, унга илм юқмайди, илми зоҳир бўлмайди. Исломдан бошқа йўллар ўзгалар билан иши бўлмаган "олийжаноб" фуқароларни шакллантиришга ҳаракат қилади, Ислом йўли эса, ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўрувчи ахлоқ соҳиби бўлган солиҳ инсонни шакллантиришга ҳаракат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мен олий ахлоқларни мукаммаллаштирмоқ учун юборилдим". (Аҳмад ривояти). "Сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроқ манзилда бўладиганингиз ахлоқи гўзалларингиздир". (Аҳмад ривояти).