Рамазон рўзасини тутиш вожиблиги ва рўза тутиш фазилати ва шунга боғлиқ масалаларнинг баёни ҳақидаги боб
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على نبينا محمد و على آله و أصحابه و من تبعهم بإحسان إلى يوم الدين.
باب وجوب صوم رمضان وبيان فضل الصيام وما يتعلق به
Рамазон рўзасини тутиш вожиблиги ва рўза тутиш фазилати ва шунга боғлиқ масалаларнинг баёни ҳақидаги боб
Азиз ва муҳтарам мусулмон биродарлар. Ушбу муборак ойда Аллоҳ таъоло ажру-савобларни жуда мўл-кўл қилиб беради. Унда эзгулик истовчи ҳар бир киши учун яхшилик эшиклари очилади. Бу ой хайру-баракотлар ойи бўлиб, унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзах азобидан озод қилишдир. Яна бу ойда солиҳ амаллар кўп бўлганлиги ва амал қилувчи кишиларни тарғиб қилиш учун Жаннат эшиклари очилиб, гуноҳкор мусулмонлар кам бўлгани учун Дўзах эшиклари беркитилади ва Шайтонлар занжирбанд қилиб қўйилади. Араб тилида (савм ёки сиём) сўзлари тийилиш маъносини англатиб, унинг шаръий маъноси - бомдод вақти киришидан (яъни фажри содиқдан) то қуёш ботгунча холис Аллоҳ учун ейиш-ичиш ва жинсий алоқа қилишдан тийилиш билан унга ибодат қилиш дегани. Инсон ушбу нарсалардан фақат урф-одат ёки бадан соғлиги учун тийиладиган бўлса, у ибодат ҳисобланмайди. Рамазон ойи эса қамарий ҳисоб бўйича тўққизинчи ой бўлиб, Шаъбон ва Шаввол ойлари орасида жойлашган. Бу ой рўзасини тутиш янги ойни кўриш билан бошланиб, Шаъбоннинг янги ойини кўриш билан якунланади. Агар янги ойни кўришдан булут ва чанг-тўзон каби нарсалар ман қилса, унда Шаъбон ойини тўлиқ (яъни ўттиз кун) қилиш билан рўза тутиб бошланади. Муаллиф роҳимаҳуллоҳ бу бобни ушбу ояти-карима билан бошлайдилар:
قال الله تعالى: " يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمْ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلى الَّذينَ مِنْ قَبْلِكُمْ " إلى قوله تعالى: " شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدىً لِلنَّاسِ، وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ، وَمَنْ كَانَ مَرِيضاً، أَوْ عَلى سَفَرٍ، فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ " الآية 183-185 من سورة البقرة.
Аллоҳ таъоло рўза ва унинг фарз қилиниши ҳақида шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ . أَيَّامًا مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ (سورة البقرة: 183-184)
"Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир.
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ (سورة البقرة: 185)
(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари¬нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз.
وأما الأحاديث فقد تقدمت في الباب الذي قبله.
Бу бобга тегишли ҳадислар эса юқориги бобда зикр қилинди. Шунинг учун рўзанинг фарзлиги ва унинг ислом рукнларидан бири эканига далолат қиладиган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари билан кифояланамиз.
عن ابن عمر، رضي الله عنهما، أن رسول الله، صلى الله عليه وسلم، قال: بني الإسلام على خمسٍ: شهادة أن لا إله إلا الله، وأن محمداً عبده ورسوله، وإقام الصلاة؛ وإيتاء الزكاة، وحج البيت، وصوم رمضان متفقٌ عليه.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ислом бешта рукн ўстига қурилган; Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закот бериш, Каъбага бориб, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш", - деган эканлар. (Муттафақун алайҳ)
وعن أبي هريرة رضي الله عنه، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: قال الله عز وجل: كل عمل ابن آدم له إلا الصيام، فإنه لي وأنا أجزي به. والصيام جنةٌ؛ فإذا كان يوم صوم أحدكم فلا يرفُث ولا يصخُب، فإن سابه أحدٌ أو قاتله، فليقل: إني صائمٌ. والذي نفس محمدٍ بيده لخلوف فم الصائم أطيب عند الله من ريح المسك. للصائم فرحتان يفرحهما: إذا أفطر فرح بفطره، وإذا لقي ربه فرح بصومه متفقٌ عليه.
وهذا لفظ رواية البخاري. وفي روايةٍ له: يترك طعامه، وشرابه، وشهوته، من أجلي، الصيام لي وأنا أجزي به، والحسنة بعشر أمثالها.
وفي روايةٍ لمسلمٍ: كل عمل ابن آدم يضاعف: الحسنة بعشر أمثالها إلى سبعمائة ضعفٍ. قال الله تعالى: إلا الصوم فإنه لي وأنا أجزي به: يدع شهوته وطعامه من أجلي. للصائم فرحتان: فرحةٌ عند فطره، وفرحةٌ عند لقاء ربه. ولخلوف فيه أطيب عند الله من ريح المسك.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: "Аллоҳ азза ва жалла: Одам боласи қилган барча амал ўзи учун. Рўза эса бундан мустасно, чунки у мен учун ва унинг мукофотини ўзим бераман,-дейди. Рўза қалқондир; агар биронталарингизнинг рўза тутадиган куни келиб қолса, сўкинмасин, шовқин-сурон қилмасин. Агар биров уни сўкса ёки у билан уришса, "Мен рўзадорман",-десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки рўзадор оғзидаги бадбўй ҳид Аллоҳ ҳузурида миск ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор; оғиз очганда оғиз очганлиги билан хурсанд бўлса, Парвардигори билан учрашганда рўзаси билан хурсанд бўлади". (Муттафақун алайҳ)
Бу ривоят имом Бухорий ривоятларидан бири. Бошқа бир ривоятларида: "Мен учун егулик-ичкилиги ва шаҳватини тарк қилади. Рўза мен учун ва унинг мукофотини мен бераман. Ваҳоланки битта ҳасана ўн баробар қилиб берилади",-дейилган экан. Имом Муслим ривоятида эса: "Одам фарзандининг барча амали бир неча марта зиёда қилинади, битта ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача зиёда қилинади. Аллоҳ таъоло айтадики: Рўза булардан мустасно, чунки у мен учун ва унинг мукофотини ўзим бераман. Чунки у таоми ва шаҳватини мен учун тарк қилади. Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор; бири оғиз очганда, иккинчиси Парвардигори билан учрашганда. Унинг оғзидаги бадбўй ҳид Аллоҳ ҳузурида миск ҳидидан кўра хушбўйроқдир",-дейилади.
Шарҳ:
Яъни Аллоҳ таъоло рўза ибодатини бошқа барча ибодатлар орасидан ўзига хослаб олган экан. Рўза мутлақо ибодатларнинг энг буюги, чунки у банда билан Аллоҳ таъоло ўртасидаги сир ҳисобланади. Сиз одамлар орасидаги рўза тутган кишига боқингчи, уни рўза тутган ёки тутмаганини аниқлай оласизми?! Йўқ, албатта, чунки унинг нияти бизга номаълум. Рўзадор одамлардан холи жойда бўлса ҳам, рўза орқали ҳаром қилинган нарсаларни тановул қилмайди, Аллоҳнинг азобидан қўрқиб ва унинг ажру-савобларини умид қилиб, уларни тарк қилади, чунки у хилватда ҳам ундан хабардор Парвардигори бор эканини ва ўша зот бу нарсаларни унга ҳаром қилганини билади. Бу улуғ ибодатдаги ихлос ўта катта бўлгани учун ҳам Аллоҳ таъоло уни бошқа барча ибодатлар орасидан ўзига хослаб олган экан. Уламолардан Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтишларича: "Қиёмат куни Аллоҳ таъоло бандасини ҳисоб-китоб қилиб, унинг зиммасидаги ўзгаларнинг ҳақларини қилган барча амалларидан олиб берар экан, тойинки рўзадан бошқа амал қолмагач, қолган ҳақларни Аллоҳ ўз зиммасига олиб, уни тутган рўзаси билан Жаннатга киргизар экан". Демак, рўзадан бирон кишининг ҳақи олинмас экан, чунки рўза Аллоҳ таъоло учун хос ибодат бўлиб, унда бирон кимсанинг ҳақи йўқ экан.
Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки сабр уч хил бўлади:
1. Аллоҳ таъолонинг тоатига сабр қилиш.
2. Аллоҳ таъолога маъсият қилишдан сабр қилиш.
3. Аллоҳ таъолонинг қазойи-қадарига сабр қилиш.
Рўза эса сабрнинг мана шу уч турини ўз ичига олгани учун унинг ажру-савоби ҳисоб-китобсиз берилиб, у сабрли кимсалар сафидан жой олар экан. Аллоҳ таъоло сабрли кимсалар ҳақида ўз китобида: (إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ) ,-дейди, яъни: "Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилур”,-деб марҳамат қилади.
Энди рўзадорнинг Аллоҳ таъолонинг тоатига сабр қилишига келсак, чунки у баъзида рўзани ёқтирмаслигига қарамасдан ўзини бу ибодатни тўла-тўкис адо қилишга ундайди. Лекин унинг бу ёқтирмаслиги рўзадаги машаққат сабабли бўлади, Аллоҳ фарз қилганлиги учун эмас, чунки Аллоҳ фарз қилганлиги учун ёқтирмайдиган бўлса, унинг қилган амаллари бекор бўлиб, куйиб кетади. Шу машаққатларга қарамасдан ейиш-ичиш ва жинсий алоқадан ўзини тийишлик билан бу ибодатни комил бажаришга ҳаракат қилади. Шу боис Аллоҳ таъоло унинг бу амалини мақтаб, ҳадиси қудсийда: "Мен учун егулик-ичкилиги ва шаҳватини тарк қилади”,-дейди.
Рўзадорнинг Аллоҳ таъолога маъсият қилишдан сабр қилишига келсак, бу рўзадор учун бўлиб турган нарса, чунки у Аллоҳга исён қилмаслик учун ўзини уриш, сўкиш, ёлғон гапириш ва беҳуда гап-сўзлардан тияди.
Сабрнинг учинчи хили бўлмиш Аллоҳ таъолонинг қазойи-қадарига сабр қилишликнинг маъноси шуки: инсонни рўза кунларида хусусан иссиқ ва узун кунларда малолланиш, эриниш ва чанқаш каби унга озор берадиган ҳолатлар қамраб олади. Шуларга қарамасдан рўзадор рўзасини Аллоҳ розилигини истаб тутганлиги учун бу ҳолатларга сабр қилади.
Аллоҳ таъоло рўза ҳақида: "... унинг мукофотини ўзим бераман..”. деб, бизга унинг мукофотини фақат ўзигина беражагини билдирди. Чунки солиҳ амалларнинг ажру-савоблари адад билан орттириб зиёда қилинади, битта ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача орттириб зиёда қилинади. Аммо рўзанинг мукофотини эса, ҳеч қандай ададни эътиборга олмасдан Аллоҳ ўзи беражагини хабар қилди, ваҳоланки у энг сахий зот бўлиб, бериладиган атонинг миқдори уни берувчи зотнинг мартабасига қараб бўлади. Бундан келиб чиқадики рўзанинг ажру-мукофоти беҳисоб катта бўлади.
Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Рўза қалқондир”,-дедилар, чунки у рўзадорни сўкиниш ва беҳуда сўзлардан сақлайди. Шунинг учун ҳам ҳадисда: "...агар биронталарингизнинг рўза тутадиган куни келиб қолса, сўкинмасин, шовқин-сурон қилмасин”,-дейилган. Шу билан бирга рўза ўз соҳибини Дўзахдан сақлайди; имом Аҳмад ҳасан иснод билан ривоят қилган ҳадисда бу ҳақида: "Рўза банда у билан Дўзахдан сақланадиган қалқондир”,- дейилади.
Рўзадор оғзидаги бадбўй ҳид Аллоҳ ҳузурида миск ҳидидан кўра хушбўйроқдир, чунки бу ҳид рўза ибодатидан келиб чиққанлиги сабабли Аллоҳ учун суюкли ва хушбўй саналади.
Рўзадорнинг иккита хурсандчилиги бор. Бири оғиз очганда, иккинчиси Парвардигори билан учрашганда. Оғиз очганда энг солиҳ амаллардан бўлмиш рўза ибодатини тўла-тўкис бажаришга Аллоҳ уни муваффақ қилганлиги билан суюнади, зеро қанча-қанча кишилар бу улуғ ибодатни адо этишдан маҳрум бўлишгани кўпчилигимизга маълум. Шунингдек рўзадор ҳолида унга ҳаром қилинган ейиш, ичиш каби нарсаларни оғиз очгандан сўнг ҳалол қилганлиги билан хурсанд бўлади. Парвардигори билан учрашгандаги хурсандчилигининг боиси қиёмат куни ажрга энг муҳтож бўлиб турган чоғда Аллоҳ таъоло ҳузурида рўзасининг ажрини бекаму-куст, тўлиғича олган вақтда тутган рўзаси билан хурсанд бўлади.
Яна бу ҳадисдаги рўзадорга бўлган йўл-йўриқлардан бири: агар бирон киши уни сўкса ёки у билан жанжаллашса, сўкинмасдан, шовқин-сурон қилмасдан: “Мен рўзадорман”,-деб жавоб беришлигидир. Ушбу жавоби билан ўчини олишдан ожиз эмаслиги, балки рўзани эҳтиром қилётганига ишора қилади ва бу билан ўртадаги жанжал ва сўкинишларга барҳам берилади. Аллоҳ таъоло айтадики:
وَلَا تَسْتَوِي الْحَسَنَةُ وَلَا السَّيِّئَةُ ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإِذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأَنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ (34) وَمَا يُلَقَّاهَا إِلَّا الَّذِينَ صَبَرُوا وَمَا يُلَقَّاهَا إِلَّا ذُو حَظٍّ عَظِيمٍ (سورة فصلت: 34-35)
Яъни: "Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса жонажон дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур”, -дейди.
Шундай экан бу улуғ ибодатни адо қилаётган пайтда ниятларимизни Аллоҳ учун холис қилиш ва амалларимизни риёкорликдан асрашга катта аҳамият бериб, амалларимизга путур етказадиган нарсаларни олдини олишимиз керак бўлади.
Аллоҳ таъолодан ушбу муборак ойда ҳаммамизни ўзи севган эзгу амалларга муваффақ қилиб, тутган рўзаларимиз, ўқиган намозларимиз ва қилган эҳсонларимизни ўз даргоҳида қабул қилишини сўраб, ушбу дарсимизни якунлаймиз.