ОЙ КЎРИШГА ОИД ҲУКМЛАР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
1. Шаъбон ойининг кунларини ҳисоблаб бо-риш:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Рамазон ойи учун шаъбон ойини санаб боринглар” . Шаъбон ойининг кунларини санаб боришнинг сабаби ойнинг йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлишидир.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойи кунларининг саноғига алоҳида эътибор қаратиб, бошқа ойларга нисбатан бу ойда ҳушёр турар эдилар. Сўнг рамазон ойи кўриниши билан рўза тутиб бошлар, борди-ю, ой кўринмай қолса, (шаъбонни) ўттиз кун тўлдириб, сўнг рўза тутишни бошлардилар” .
2. Ой кўришдаги мўътабар восита – уни кўз билан кўришдир:
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Биз ёзиш ва ҳисобни билмайдиган саводсиз умматмиз. Ой мана бундай ва мана бундай, яъни йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлади” .
Ҳадисдаги ҳисобни билмасликдан мақсад “биз ойнинг кўринишини фалакшуносликка оид ҳисоб-китоблар билан исботламай, балки бирон ишончли мусулмон кишининг кўз билан кўришидан иборат бўлган шаръий йўл билан исботлаймиз”, дейилмоқчи. Дарҳақиқат, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ойни кўриб рўза тутингиз ва ойни кўриб рўзани тугатингиз. Борди-ю, ой кўриш имкони бўлмаса, (шаъбонни) ўттиз кун қилиб тўлди-рингиз” .
Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мунажжимнинг ҳисоб-китобидан келиб чиқиб унинг ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам рўза вожиб бўлмайди” .
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ислом динида барчага маълум бўлган нарса шуки, рамазон рўзаси, ҳаж, идда, ийло ва бошқа ой кўришга тааллуқли ҳукмларда ҳисобчи (мунажжим)нинг “ой кўринади ёки кўринмайди” деган гапига таяниб амал қилиш жоиз эмас. Бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қилинган ҳадислар талайгина” .
Бу хусусда, яъни ой кўришни исботлашнинг шаръий воситаси уни кўз билан кўриш эканида осмоннинг очиқ, булутли ёки чанг-тўзонли бўлиши-нинг фарқи йўқдир.
3. Ой кўришда эътиборга олинган гувоҳлар сони:
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Одамлар ой кўринармикан дея ойни кузатдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ойни кўрганимни айтдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутишни бошладилар ва одамларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айта-дилар: “Ойни кўриб рўза тутинглар, ойни кўриб рўзани очинглар ва рамазон рўзасини тутиб Аллоҳга тоат-ибодат қилинглар. Борди-ю, ой кўриш имкони бўлмаса, у ҳолда шаъбонни ўттиз кун қилиб тўлдиринглар. Икки кишининг гувоҳлиги билан рўза тутинглар ва рўзани очинглар”. Имом Аҳмад келтирган бир ривоятда эса “Икки мусулмон кишининг гувоҳлиги билан” , дейила-ди.
Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ула-молар шаввол ойининг ҳилоли чиққани хусусида камида икки ишончли эркак гувоҳлиги қабул қилини-шига ижмо қилганлар. Рамазон ойининг ҳилоли ҳақида гувоҳлик берган кишиларнинг сони хусусида уламолар ўртасида ихтилоф бор” .
Бу борада зикр қилинган ихтилоф хулосаси:
Имом Молик: рамазон ва шаввол ойларидан ҳар бирининг ҳилолини кўришда энг камида икки ишончли гувоҳ бўлиши шарт.
Имом Абу Ҳанифа: рамазон ойи ҳилолини кўриш учун осмонда булут ва чанг-тўзон каби ой кўришга халал берадиган нарса бўлса, у ҳолда биргина ишончли эркакнинг гувоҳлиги кифоя қилади. Борди-ю, осмон очиқ бўлса, у ҳолда катта оломон гувоҳлигигина қабул қилинади.
Имом Шофеий: бу масалада Шофеийнинг сўзи турлича бўлган. Музанийнинг Шофеийдан ривоят қилишича, бу хусусда келган асарга биноан рамазон ойи ҳилоли кўринганини исботлаш учун биргина ишончли эркакнинг гувоҳлиги кифоя. Шундай бўлсада, эҳтиёт ва қиёс камида икки кишининг гувоҳлиги зарур эканини тақозо қилади.
Бувайтий Имом Шофеийдан нақл қилишича, рамазон рўзасини бошлаш ёки тугатиш учун камида икки ҳур ва ишончли мусулмоннинг ҳилол кўргани тўғрисидаги гувоҳлиги лозим бўлади.
Имом Аҳмад: ким ёлғиз ўзи рамазон ҳилолини кўрса рўза тутишни бошлайди. Агар у ишончли киши бўлса, унинг сўзи билан қолганлар ҳам рўзани бошлайдилар.
Бу борадаги рожиҳ фикр шуки, – валлоҳу аълам – юқорида зикр қилинган “Икки кишининг гувоҳлиги билан рўза тутинглар”, деган ҳадисга биноан икки ишончли киши гувоҳлиги билангина рўза тутиш бошланади. Энди Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ривоятига келсак, ундан бошқа бири ҳам ҳилолни кўрган бўлишига мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Икки кишининг гувоҳлиги билан рўза тутинглар” деган сўзлари эса айнан мавзуга оид, ихтилофни бартараф этувчи сўздир, валлоҳу аълам.
4. Ҳилолни бир ўлка аҳолиси кўриб, бошқалар кўрмаса нима бўлади?
Шайх Муҳаммад Солиҳ Усаймийн роҳимаҳул-лоҳдан “Бир ўлкада ҳилол кўриниши билан барча мамлакатлардаги мусулмонларга рўза тутиш лозим бўладими?”, деган савол сўралганда у киши шундай жавоб қилган:
Бу масалада уламолар ихтилоф қилишган. Мусул-мон ўлкаларидан бирида ҳилол кўрилгани шаръан исбот қилинса, бошқа ўлкалардаги мусулмонлар ҳам рўза тутишни бошлаши вожибми, деган масала.
Баъзи уламоларнинг фикрича, мазкур ҳилол кўриш билан барча ўлкалардаги мусулмонларга рўзани бошлашлари лозим бўлади. Улар бунга қуйидаги Аллоҳ таолонинг сўзи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи ва салламнинг ҳадисини далил қилишади: “Шундай экан, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунлар-да (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади” [Бақара: 185]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айта-дилар: “Агар ҳилолни кўрсангиз рўза тутингизлар” . Бу гуруҳ уламоларнинг айтишларича, оят ва ҳадисдаги хитоб барча мусулмонларга тааллуқлидир. Маълумки, мазкур далиллардан ҳар бир инсоннинг алоҳида ўзи ҳилолни кўриши назарда тутилмаган. Негаки, бу имконсиздир. Балки оят ва ҳадисда зикр қилинган ой кўришдан мақсад шаръий нуқтаи назардан рамазон ойининг бошланиши собит бўладиган ой кўриш бўлиб, бу билан барча ўлкаларда рамазон ойи бошланган ҳисобланади.
Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, ҳилол кўриниши турли жойларда турли вақтларда содир бўлар экан, демак ҳар бир ўлка аҳолиси ўзлари алоҳида ой кўриши лозим бўлади. Борди-ю, ҳилол турли жойларда турли вақтларда кўринмаса, у ҳолда ойни кўрмаганлар ой кўрингани собит бўлган жойдаги одамларга эргашиб, ой кўринганига биноан рўза тутишни бошлашлари лозим. Бу уламолар ҳам айнан олдинги гуруҳ уламолар келтирган далилларни келти-ришган. Аллоҳ таоло: “Шундай экан, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин” [Бақара: 185] – деган. Маълумки, бундан ҳар бир инсон мустақил равишда ўзи ой кўриши назарда тутилмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда мазкур оят ва ҳадисларга ой кўринган жойда, аҳолиси ой кўрган ўлкаларда амал қилинади. Бироқ ой кўринмаган мамлакатлардаги мусулмонлар ҳақиқатда ой кўрмаган бўлишлари билан бирга уларга ой кўрган деб ҳукм қилиш ҳам тўғри бўлмайди. Шу боис бошқа ўлкаларда ой кўринишининг уларга таъсири бўлмай, балки то ўзлари ой кўрма-гунларича уларга рўза тутиш вожиб бўлмайди.
Маълумки, рамазон ойида кунлик рўза тутиш вақтлари турли мамлакатларда турлича вақтга тўғри келади. Бу борада уламолар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Рамазон ойи рўзасининг кунлик рўза вақтлари фарқ қилганидек, ой бошланиш вақти ҳам турли мамлакатларда турлича бўлиши керак. Айтай-лик, шарқда яшаган одамлар ғарбдаги одамлардан олдин рўзани бошлаб, улардан олдин рўзани тугата-дилар. Модомики, кунлик рўза вақтлари ўртасида фарқ бор экан, демак рамазон ойининг бошланиш вақтида ҳам фарқ бўлиши лозим.
Аллоҳ таолонинг: “Энди улар билан (рўза кеча-ларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонг ёруғлиги кеча қоронғулигидан аниқ ажра-ладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар” [Бақара: 187], деган сўзи, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар кеча мана бу (яъни кунчиқар) томондан келиб, мана бу (яъни кунботар) томонга орқа ўгириб кетса ва қуёш ботса, рўзадор оғиз очиш вақтига кирган бўлади” , деган сўзлари бир вақтнинг ўзида барча мамлакатлардаги ҳамма мусулмонларга тегишли деб ҳеч кимса айтмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло-нинг “Шундай экан, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин” [Бақара: 185], деган сўзи ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ойни кўриб рўза тутинглар, ойни кўриб рўзани очинглар”, деган сўзларида айнан шу гапни айтиш мумкин.
Кўриб турганингиздек, мазкур фикр ўзига яраша қувватли фикр бўлиб, улар келтириб ўтган қиёс – ойлик рўза вақтини кунлик рўза вақтига қиёс қилиш тўғри ва соғлом қиёсдир.
Айрим уламолар бу масала ҳар бир ўлкадаги бошлиқларга ҳавола қилинади, дейишган. Агар улар бирон шаръий далилга таяниб рўза тутишни бошлаш ёки тугатиш ҳақида қарор қилсалар, уларнинг бу қарорига амал қилиш лозим бўлади. Негаки, мазкур масалада мусулмонларнинг бир ўлкада ихтилоф қилиши, ўзаро тарқоқликка бориши асло дуруст эмас.
Бу гуруҳ уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Одамлар рўза тутишни бошлаган кун рўза бошланади, рўзани тугатган кун оғиз очилади” , деган ҳадисни далил қилишадилар.
Ушбу масалада юқорида айтиб ўтилгандан бошқа ҳам фикрлар мавжуд бўлиб, уларни мазкур масала хусусидаги ихтилофни нақл қилган уламолар зикр қилишган.
Дарҳақиқат, шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ биринчи фикр, яъни бир ўлкада ой кўриниши билан барча ўлкалардаги мусулмонларга рўза тутиш вожиб бўлади, деган фикрни рожиҳ деб билган. Бироқ кейинчалик Шайх Албоний ўз фикрини ўзгартириб, охирги айтиб ўтилган фикр, яъни бир ўлкадаги мусулмонлар ўртасидаги турли ихтилоф ва тарқоқлик олдини олиш мақсадида бу масалани ҳал қилиш ҳар бир ўлкадаги мусулмонлар раҳбарига ҳавола қилиниши тўғрисидаги фикрга амал қилишни маъқул деб билади .
Масалага оид айрим мулоҳазалар:
1. Астрономик телескоплардан воситасида ой кўриш жоиздир. Бироқ олдин айтиб ўтганимиздек, астрономик ҳисоб-китобларга таяниб рамазон ойининг бошланиши ёки тугашини белгилаш жоиз эмас.
2. Инсон рамазон ойининг бошида бир ўлкада бўлса-ю, сўнг ойнинг ярмида бошқа ўлкага сафар қилса ва рамазон ойини ўша жойда тугатишга тўғри келса, у ҳолда рўза тутиш ёки тутмасликда ўша жойдаги маҳаллий аҳолига эргашади. Бу ҳолатда унинг ўттиз бир кун рўза тутишига тўғри келса ҳам зиёни йўқ, бироқ рўзаси йигирма саккиз кун бўлиб қолса, у ҳолда ҳайит кунидан кейин бир кун рўза тутиб беради.