Намоз ва аҳкомлари
«Рисалатун фил фиқҳил муяссар» китобидан иқтибос
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Доктор Солиҳ ибн Ғоним Садлон
Мутаржим: Абу Жаъфар Бухорий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
الصلاة وأحكامها
مقتبس من كتاب رسالة في الفقه الميسر
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
د. صالح بن غانم السدلان
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Намоз
Намозга тааллуқли аҳкомлар.
Жамоат намози.
Қаср намози.
Икки намозни жамлаб ўқиш.
Саҳв саждаси.
Нафл намози.
Жума намози.
Икки ҳайит намози.
Истисқо намози.
Кусуф намози.
Жаноза ва аҳкомлари.
Ислом рукнларидан иккинчи рукн: Намоз
1– «Намоз»нинг луғавий ва шаръий маънолари
«Намоз»нинг луғавий маъноси «дуо»дир. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ ﴾
«... ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур» (Тавба: 103).
Шариатда эса «намоз» — муайян шартлар остида такбир билан бошланиб, салом билан тугайдиган махсус сўзлар ва ҳаракатлардир.
2– Намознинг фарз бўлиши
Намоз ҳижратдан илгари, Исро тунида фарз қилинди. У икки шаҳодат калималаридан кейинги ва ҳар икки шаҳодат калимасини ҳам кафолатлаган Ислом рукнидир. Намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавҳиддан сўнгра шарт қилган биринчи нарсадир: «Ишнинг боши — Ислом, устуни — намоз, ўркачининг чўққиси (яъни, энг юқори чўққиси) — Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир» (Термизий «ал-Иймаан» (2616), Ибн Можа «ал-Фитан» (3973), Имом Аҳмад (5/231)).
3– Намознинг машруъ бўлиш ҳикмати
Намоз — Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом қилган буюк неъматларига шукронадир. Бинобарин, у қуллик маъноларининг энг очиқ кўринишларидан бири бўлиб, унда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога таважжуҳ, ҳокисорлик, ҳузурида таслим бўлиш, қироат, зикр ва дуолар билан муножот қилиш мавжуд бўлиб, уни ўқир экан банда Роббисига боғланиб, моддий нарсалардан нафс поклиги ва хотиржамлиги сари юксалади. Зеро, банда ҳаёт гирдобига тушиб, дунё лаззатлари жазб этгани маҳал, намоз уни ғарқ бўлишдан илгари қўлидан ушлайди ва ғафлатда қолган ҳақиқати — бу ерда ўзидан кўра буюк Зотнинг борлиги, ҳаётнинг эса одамзот бир лаззатдан иккинчи лаззатга кўнгил очиш учун ҳаракат қиладиган тарзда яратилмаган ва мукаммаллаштирилмаганининг ҳақиқатини олдига қайта қўяди.
4– Намознинг ҳукми ва саноқлари
Намоз икки турли бўлиб, фарз ва нафлдан иборатдир. Фарз намозлар ҳам икки қисмга бўлиниб, фарзи айн ва фарзи кифоядир. Фарзи айн намозлар — балоғат ёшига етган эркагу аёлларга фарз қилинган бўлиб, улар — беш вақт намозлардир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
﴿ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا ﴾
«Албатта, намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди» (Нисо: 103);
﴿ وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ ﴾
«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш нарса устига қурилгандир: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир», дея шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш ...» (Муттафақун алайҳ. Имом Бухорий «ал-Иймаан» (8), Имом Муслим «ал-Иймаан» (16), Термизий «ал-Иймаан» (2609), Насоий «ал-Иймаан ва шараиъуҳ» (5001), Имом Аҳмад (2/93)).
Нофеъ ибн Азрақ раҳимаҳуллоҳ: «Сиз Қуръон ичидан беш вақт намозни топа оласизми?», — деб сўраганида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Ҳа, деб Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини ўқиди:
﴿ فَسُبْحَانَ اللَّهِ حِينَ تُمْسُونَ وَحِينَ تُصْبِحُونَ وَلَهُ الْحَمْدُ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَعَشِيًّا وَحِينَ تُظْهِرُونَ ﴾
«Бас, тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришингизда ҳам Аллоҳни поклангиз (яъни, У зотга ҳамду сано айтингиз. Зеро) осмонлар ва Ердаги бор ҳамду-сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду-сано айтур)» (Рум: 17–18).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келган аъробий: «Аллоҳ менга қандай намозни фарз қилди?», — деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш вақт», — деб жавоб бердилар. Аъробий: «Менга бундай бошқа (намоз) борми?», — деганида эса: «Йўқ, фақат, нафл намоз ўқисанг бўлаверади», — деб жавоб бердилар» (Муттафақун алайҳ. Имом Бухорий «Рўза» (1792), Имом Муслим «Иймон» (11), Насоий «Рўза» (2090), Абу Довуд «Намоз» (391), Имом Аҳмад (1/162), Имом Молик «Намоз учун азон» (425), Доримий «Намоз» (1578)).
5– Болаларни намоз ўқишга буюриш
Бола етти ёшга етган чоғида намоз ўқишга буюрилади. Ўн ёшга етганида намоз ўқимаса қон чиқмайдиган (бирон жойи кўкармайдиган) тарзда адаб берилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Болаларингизни етти ёшларида намоз ўқишга буюринглар, ўн ёшга етиб намоз ўқимасалар, адабини беринглар (уринглар) ва ётоқларини айириб қўйинглар!», деганлар (Абу Довуд (495), Имом Аҳмад (2/187)).
6– Намознинг фарз эканини инкор этган одамнинг ҳукми
Намознинг фарз эканини аниқ билган ва уни инкор этган одам, гарчи намозхон бўлса ҳам, кофир бўлади. Чунки у, Аллоҳ таолони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва умматнинг ижмосини ёлғонга чиқарган бўлади. Биноба-рин, намозни фарз эканини инкор этмасада эътиборсизлик ва ялқовлик туфайли ўқимаган одам ҳам Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларига кўра кофир бўлади:
﴿ فَاقْتُلُوا الْمُشْرِكِينَ حَيْثُ وَجَدْتُمُوهُمْ وَخُذُوهُمْ وَاحْصُرُوهُمْ وَاقْعُدُوا لَهُمْ كُلَّ مَرْصَدٍ فَإِنْ تَابُوا وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ فَخَلُّوا سَبِيلَهُمْ ﴾
«... мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз! Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, улар-нинг йўлларини тўсмангиз! (Яъни улар билан урушиш-ни бас қилингиз)» (Тавба: 5).
Жобир разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Киши билан куфр ва ширк орасида намоз-ни тарк қилиш бордир», деганларини ривоят қилди (Имом Муслим «ал-Иймаан» (82), Термизий «ал-Иймаан» (2620), Абу Довуд «ас-Суннаҳ» (4678), Ибн Можа «Иқоматус-солаҳ вас-суннати фийҳаа» (1078), Имом Аҳмад (3/ 370), Доримий «ас-Солаҳ» (1233)).
7– Намоз рукнлари
Намознинг рукнлари ўн тўртта бўлиб, уларни қасддан ёки билмасдан ёки унутиб тарк қилинса, намоз бекор бўлади.
Биринчиси: оёққа туришга қодир бўлган одамнинг тик туриши.
Иккинчиси: такбири таҳрима, яъни Аллоҳу акбар!, — дейиш. Бундан бошқаси жоиз эмас.
Учинчиси: Фотиҳа сурасини ўқиш.
Тўртинчиси: Рукуъ қилиш.
Бешинчиси: рукудан кўтарилиш ва тик туриш.
Олтинчиси: сажда қилиш.
Еттинчиси: саждадан кўтарилиш.
Саккизинчиси: икки сажда ўртасида ўтириш.
Тўққизинчиси: хотиржамлик, яъни ўтирганда ҳар суякнинг ўз ўрнига келиб сокин бўлиш.
Ўнинчиси: охирги ташаҳҳуд(ни ўқиш).
Ўн биринчиси: охирги ташаҳҳуд учун ўтириш.
Ўн иккинчиси: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш.
Ўн учинчиси: салом бериш. Салом икки марта «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», деб айтилади. «Ва баракотуҳ» жумласини қўшмаслик афзалдир. Чунки, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўнг ва чап томонларига «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», деганлари нақл қилинган (Термизий «ас-Солаҳ» (295), Абу Довуд «ас-Солаҳ» (996), Ибн Можа «Иқоматус-солаҳ вас-суннати фийҳаа» (914), Имом Аҳмад (1/409)).
Ўн тўртинчиси: рукнлар орасидаги тартиб(га риоя қилиш).
8– Намознинг вожиблари
Намознинг вожиблари саккизта бўлиб, уларни қасддан тарк қилинса, намоз бекор бўлиб, билмагани ёки унутгани учун тарк қилса бекор бўлмайди. Улар:
Биринчи: (намозда дунёвий ишларни қилишни таъқиқ-ламай) такбир айтиш.
Иккинчи: имом ёки танҳо намоз ўқиётган намоз-хоннинг «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» (Аллоҳ ҳамд айтган кимсани эшитди) жумласини айтиши.
Учинчи: «Роббана лакал-ҳамд!» (Роббимиз, Сенга ҳамдлар бўлсин!) жумласини айтиш.
Тўртинчи: рукуда «Субҳаана Роббиял азийм» (Буюк Роббимни (нолойиқ исм ва сифатлардан) поклайман) дейиш.
Бешинчи: саждада «Субҳаана Роббиял аълаа» (Олий Роббимни (нолойиқ исм ва сифатлардан) поклайман) дейиш.
Олтинчи: икки сажда оралиғида «Роббиғфир лий» (Роббим, мени мағфират қил!) дейиш.
Еттинчи: биринчи ташаҳҳуд(ни ўқиш).
Саккизинчи: биринчи ташаҳҳуд учун ўтириш.
9– Намознинг шартлари
«Шарт» сўзининг луғавий маъноси «аломат»дир.
Истилоҳда эса: «Шарт — усиз шарт қилинган нарса юзага келмайдиган ва шарт қилинган нарса мавжуд бўлса мавжуд бўлиши лозим бўлмаган» нарсадир.
Намознинг шартлари: ният, мусулмонлик, оқиллик, (яхши билан ёмонни) айира билиш, вақтнинг кириши, таҳорат, қиблага юзланиш, авратни ёпиш ва нажосатлардан сақланишдир.
10– Беш вақт намоз вақтлари
«Вақт» сўзи (араб тилидаги) «белгилаш ёки тайинлаш» маъносидаги «тавқийт» сўзидан ясалгандир. Намоздаги вақт, намознинг фарз ва соғлом бўлиш омилларидан биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам талайгина ҳадисларида беш вақт намозларнинг вақтларини белгилаб бердилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Жибрийл менга Каъба олдида икки марта имом бўл(иб намоз ўқи)ди» деб (Термизий «Намоз» (149), Абу Довуд «Намоз» (393), Имом Аҳмад (1/333)) беш вақт намозларнинг вақтларини тилга олганлари, сўнгра: «Кейин менга ўгирилиб қаради-да: Эй Муҳаммад, бу — сиздан аввалги пайғамбарларнинг вақтлари. (Намоз) вақт(и) шу икки вақт оралиғидадир», — деганларини ривоят қилди (Термизий «Намоз» (149), Абу Довуд «Намоз» (393), Имом Аҳмад (1/333)).
Намоз вақтларини бир кеча ва кундуз орасида тақсим-лангани нақл қилинди. Чунки, одамзот уйқудан ором олиб, тонг — саъю ҳаракат замони яқинлашгач ўзининг бошқа махлуқотлардан фарқли эканини билиши ҳамда иймон билан озиқланиб янги кунга бошлаши учун бомдод намозининг вақти кириб келади.
Кун яримлаганида эса куннинг биринчи ярмида қилган ишларини тузатиши ва пешин намозида Роббиси билан бирга тафаккур қилиш учун иккинчи бекат бор. Сўнгра, аср намозининг вақти келиб, куннинг қолган қисмига у ила юзлашади. Кейин кечанинг кириб келишида шом, кечанинг ўртасида эса хуфтон намозлари бўлиб, бу иккиси одамзотга тилсимлар вақти бўлган кеча асносида нур ва Тўғри йўлга ҳидоятни кўтариб келадилар. Бундан ташқари, намозни турли вақтларда ўқиш одамзотни кеча ва кундуз қамраб олган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг мулки ва унинг нақадар мустаҳкамлиги ҳақида тафаккур қилиш имконини беради.
Пешин намозининг вақти
Пешин намозининг аввалги вақти завол(дан сўнгра), яъни қуёшнинг осмоннинг қоқ ўртасидан оғган маҳалидан бошланади. Пешин намозининг охирги вақти эса, ҳар бир нарсанинг сояси завол пайтидаги соясидан ташқари ўз узунлигича бўлган вақтдир.
Аср намозининг вақти
Аср намозининг вақти нарсаларнинг сояси завол соясидан ташқари ўз бўйи узунлигига етганида бошланади. Бу пешин намозининг охирги лаҳзаларидан то нарсалар-нинг сояси ўз узунлигига тенг бўлган пайтдир. Аср намози-нинг охирги вақти эса завол пайтдаги соядан ташқари ҳар бир нарсанинг сояси ўз узунлигининг икки бараварига етганигачадир. Бу уламолар тарафидан танлан-ган вақтдир. Аммо бирон узр бўлса қуёш ботгуничадир.
Шом намозининг вақти
Шом намозининг аввалги вақти — қуёш ботган вақтдир. Охирги вақти эса, юлдузлар чиққан пайт бўлиб, шафақ ғойиб бўлган пайтда ўқиш макруҳ бўлсада, жоиздир.
Хуфтон намозининг вақти
Хуфтон намозининг аввалги вақти — шафақнинг ғойиб бўлишидир. Охирги вақти эса туннинг ярмидир.
Бомдод намозининг вақти
Бомдод намозининг аввалги вақти — субҳи содиқнинг ёйилиши ва охирги вақти эса қуёшнинг чиқа бошлашидир.
11– Катта даражадаги кенгликларда жойлашган давлатлардаги намоз вақтлари
Катта даражадаги кенгликларда жойлашган давлатлар уч қисмга бўлинади:
1. Шимолий ва жанубий 45° ва 48° кенгликда жойлашган давлатлар.
Бу давлатларда Коинотдаги аломатлар (асосан қуёшнинг чиқиши ва ботиши, субҳи содиқнинг ёйилиши) кунлар ва тунлар узайса ҳам, қисқарса ҳам кеча ва кундузда кўриниб туради.
2. Шимолий ва жанубий 48° ва 66° кенгликда жойлашган давлатлар.
Бу давлатларда Коинтдаги айрим аломатлар йилнинг баъзи кунларида кўринмайди. Масалан, шафақ субҳ пайтига тақрибан яқин бўлмагунича, йўқ бўлмайди.
3. Шимолий ва жанубий 66° кенгликдан юқорида қутбларгача жойлашган давлатлар.
Мазкур давлатларда Коинотдаги аломатлар йилнинг узоқ вақтлари давомида кеча ёки кундуз кўринмайди.
Бу қисмларнинг ҳар бирининг ҳукми
Биринчи қисмдаги давлатларда яшаётган одамлар, юқорида баён қилинган вақтларда намозларини ўқийдилар. Аммо учинчи қисм давлатлардаги намоз вақтлари қиёсланади. Бу — Дажжол ҳақида айтилган ҳадисда зикр қилинган ҳадисдаги тахминий ҳисоблашга ўхшайди. Унда шундай дейилган: «Биз: Ё Расулуллоҳ, у (Дажжол) ерда қанча қолади?, — дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир кун бир йилдек (узун) бўлади», — деб жавоб бердилар. Биз: Ё Расулуллоҳ, бу кун бир йилдек (узун) бўлса, бир кеча ва кундуздаги намоз (унга) кифоя қиладими?, — деб савол берсак: «Йўқ, уларнинг вақтла-рини тахминий ҳисоблаб ўқинглар» (Яъни, бомдодни ўқигач, бомдод билан пешин ораси одатда 4-5 соат бўлса, 4-5 соат ўтганини ҳис қилганларингда пешинни ўқинглар)», — дедилар (Имом Муслим «Фитналар ва Қиёматнинг аломатлари» (2937), Термизий «Фитналар» (2240), Абу Довуд «Тўқнашувлар» (4321), Ибн Можа «Фитналар» (4075), Имом Аҳмад (4/182)).
Тахминий ҳисоблаш ҳақида фарқли фикрлар айтилди. Баъзилар: Намоз вақтлари ўзларига яқин, кеча ва кундузлари аниқ ва намознинг шаръий вақтлари маълум бўлган давлатлардаги вақтларга қиёсланади, — дедилар. Шояд, бу қувватли қиёс бўлса керак.
Баъзилар эса: кундузни ўн икки, кечани ўн икки соатдан ҳисобланади, деган бўлса, бошқалар: Макка ва Мадинадаги намоз вақтларига қиёсланади, — дедилар.
Иккинчи қисмдаги хуфтон ва бомдод намозларининг вақтларидан бошқа намозлар биринчи қисмдаги вақтларда ўқилаверилади. Хуфтон ва бомдод намозларининг вақти эса, учинчи қисмдаги вақтларга кўра ўқилаверилади.